“Ўзбекнефтгаз”: Марказий Осиё нефть кимёси ва нефтни қайта ишлаш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди

Бош саҳифа Русский

Тошкент шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Англиянинг “Globuc” компанияси ҳамкорлигида “Марказий Осиё нефть кимёси ва нефтни қайта ишлаш 2021” 8–халқаро конференцияси ўтказилди.

Унда жами 23 та давлатнинг газ-кимё ва нефть-кимё соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар ва уларни амалга ошириш бўйича номдор компаниялари мутахассислари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур анжуманни ташкил этишда “Ўзбекнефтгаз” АЖга ҳамкорлик қилган “Globuc” компанияси нефть-газ ва энергетика тармоқлари бўйича МДҲ, Европа ва Осиё давлатлари учун консалтинг ҳамда халқаро даражадаги конференцияларни ўтказишда етакчи ўринда туради.

Анжуман иштирокчилари нефть ва газ кимёси ва ушбу маҳсулотларни қайта ишлашга оид 24 та асосий мавзулар бўйича маърузалар қилишди ва шулар асосида муҳокамалар олиб боришди.

Шунингдек, конференция доирасида соҳа мутахассислари иштирокида бир қатор давра суҳбатлари ва учрашувлар ҳам ташкил этилди.

Тадбирда дастлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ Газни қайта ишлаш ва газ-кимё департаменти бошлиғи Алишер Бахадировнинг Ўзбекистон Республикасида, хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг келажакдаги истиқболли лойиҳалари тўғрисидаги маърузаси тингланди. Унда соҳада амалга оширилаётган лойҳалар ва корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари ва 2030 йилга қадар ривожлантириш бўйича режалаштирилган чоралар бўйича тингловчиларга батафсил маълумотлар берилди.

Тадбирда мутахассислар томонидан бизнес учун қулай шароитлар, халқаро инвесторлар учун жозибадор таклифлар, соҳадаги мавжуд муаммолар, тенденциялар, шу жумладан, “СOVID – 19” пандемия шароитида бозорга мослашиш, унинг асоратлари ҳам муҳокама қилинди. Соҳа мутахассислари ўзлари орттирган тажриба ҳамда кўникмалари бўйича тегишли тавсияларни таклиф қилишди.

Конференция доирасида иштирокчилар жорий этилган янги технологиялар, илмий ишланмалар ва истиқболли лойиҳалар бўйича янгиликлар билан танишиш билан бир қаторда энергетика соҳасида декарбонизация ва яшил энергоресурсларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун соҳани трансформация қилиш бўйича билимларини ҳам ошириш имкониятига эга бўлишди.

Сессиялар якунида барча иштирокчилар маърузалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди ва таклифлар юзасидан фикр алмашишди.

Конференция барча иштирокчилар учун, хусусан, Ўзбекистон Респуликаси нефть ва газ саноати мутахассислари учун ҳам манфаатли ва янгиликларга бой бўлди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|